Эртага олий лиганинг 24-турида жамоамиз "Навбаҳор"ни қабул қилади.
Наманганликлар жорий мавсумнинг биринчи даврасини анча яхши ўтказишганди. Бироқ иккинчи даврада юзага келган муаммолар туфайли "Навбаҳор" ўйинида пасайиш юз берди. Виктор Жалилов жамоани тарк этгач, Сергей Ковшов ва Мустафо Байрамов ҳозирда наманганликларга биргаликда бошчилик қилиб келишмоқда. Ўтган мавсум якунида ҳам шундай вазиятга гувоҳ бўлгандик.
Чемпионатимиз ўтказила бошланган дастлабки йилларда "Пахтакор"нинг энг ноқулай рақибларидан бири сифатида айнан Наманган жамоаси тилга олинарди. Лекин орадан йиллар ўтгач, вазият кескин ўзгарди. Ўзаро учрашувлар тарихига назар ташласак, "Навбаҳор"нинг Тошкентдан охирги марта 1997 йил очко билан қайтганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ўшанда 2:2 ҳисоби қайд этилган. Охирги голларини эса 2002 йил 5:1ҳисобида "шерлар" ғалабаси билан якунланган учрашувда киритишган. Ҳозирча Вадим Котельниковнинг урган голи наманганликлар учун пойтахтдаги охирги гол бўлиб турибди. Ўтказилган
37учрашувнинг 22тасида жамоамиз зафар қучган. 5баҳсда дуранг қайд этилган бўлса, 10 беллашув "Навбаҳор"нинг ғалаба қозониши билан тугаган. 7ўйинда "шерлар" йирик ҳисобдаги муваффақиятларни қайд этишган. Голлар борасидаги кўрсаткич эса 65-28, "Пахтакор" фойдасига.
Ўтган мавсум Тошкентда кечган баҳс ўзаро учрашувлардаги энг йирик натижа билан ниҳоясига етган. Ўшанда жамоамиз 7:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Эртанги ўйинда "шерлар"га ярим ҳимоячи Дилшод Шарофетдинов ёрдам бера олмайди. У Андижондаги беллашувда ўзининг тўртинчи сариқ карточкасига "ишлади". Натижада Дилшод ўз-ўзидан дисквалификацияга учради. Таркибимизда бошқа йўқотишлар ҳозирча йўқ.
Ўринбосарлар ўртасидаги беллашув бугун соат 15:00да Қибрайдаги база майдонида бошланади. Асосий таркиблар беллашуви эса "Пахтакор" Марказий стадионида пайшанба куни соат 17:00да бошланади.
"Пахтакор" - "Навбаҳор"
Бош ҳакам: Игорь Худойдотов.
Ёрдамчи ҳакамлар: Алексей Миронов, Руслан Серазетдинов.
Тўртинчи ҳакам: Дилшод Каримов.
Назоратчи: Гали Имомов.
manba: pakhtakor.uz
207